Print this page

Тасаввуф ва унинг ҳақиқати ҳақида (5-қисм)

ТАВАККУЛ БОБИ

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча жойида таваккулни зикр қилган. Аллоҳ айтади: “Аллоҳга ким ҳақиқий таваккул қилса, бас, У кифоя қилувчидир” (Талоқ, 3). Яъни, унга барча махлуқотлардан кўра Аллоҳ кифоя этгусидир. Аллоҳ таоло айтади: “Мўминлар Аллоҳга таваккул этсин” (Оли Имрон, 122). Аллоҳ таоло Расулига хитоб қилиб айтди: “Агар (бир ишга)  қасд айласангиз, бас, Аллоҳга таваккул қилинг”(Оли Имрон, 159).

Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу) бундай деган: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккулда бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни эрталаб оч учиб, кечқурун тўйиб қайтган қуш каби ризқлантиради”. (Ибн Можа  “Сунан”ида, Имом Термизий “Саҳиҳ”ининг “Зуҳд” бобида ва Ибн Ҳанбал “Муснад”ининг 1-жузида зикр қилишган)

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розийаллоҳу анҳу)  айтади: “Улуғ ва Азиз Аллоҳ ким таваккул қилади ва ким таваккул қилмайди, барини ҳисобга олади, чунки Аллоҳ таоло улар билишадими ёки билишмайдими, барча халққа кифоя қилгусидир. Зеро, Аллоҳ уларнинг яратувчисидир. Ундан бошқа ҳеч бир зот уларга кифоя қилишга қодир эмас”.

Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинади: “Ким менга фазилат кафолатини берса, мен унга жаннат кафолатини бераман”. (Имом Бухорий “Саҳиҳ”ларида: “Ким менга соқол-мўйлаби орасини ва икки оёқлари ўртасини сақлаш кафолатини берса, мен унга жаннат кафолатини бераман”. Имом Термизий ҳам шунга ўхшаш лафзлар билан Саҳл ибн Саъддан ривоят қилганлар).

Савбон деди: “Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга марҳамат қилиб: “Одамлардан ҳеч бир нарса сўрама”, дедилар. Савбон агар қўлидан қамчиси тушиб кетса бирор кишидан уни олиб беришини сўрамас эди. Ҳазрати Оиша (розийаллоҳу анҳо) айтади: “Савбон ҳеч бир нарса сўрамасликка қатъий аҳд қилган эди”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким таваккул қилиб қаноат айласа, талабдан кифоя қилгусидир”. (Ибн Можа “Сунан”ининг Зуҳд бобида бошқа ривоят билан келтирилган ҳадис мавжуд).

Али ибн Абдурраҳим Қаннод[1] айтади: “Мен уч юз ўн бешинчи ҳижрий санада Қарқасия шаҳрига бордим. У ерда Абу Азҳар номи билан танилган бир шайхни кўрдим. Тўрт юз шогирдининг ҳаммаси таваккул қилиш ва касбни танлаш ҳақида сўзларди”.

Шайх Ҳасан Басрий: “Ким таваккул қилса, борига қаноат этса ва кунига рози бўлса, хоҳлаган нарсаси талабсиз ҳозир бўлади”, деган.

Ҳикоя қилинишича, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий юбориб айтди: “Менга таваккул қил, сенга кифоя қиламан. Мендан бошқага суянма, сени ноумид қиламан”. Ким Аллоҳдан бошқа одамлардан беҳожат бўлса, Аллоҳ кифоя қилгусидир. Ким Аллоҳдан ўзгага ўзини бағишласа, машаққатга тушади.

Жунайд Бағдодий айтади: “Сенга белгиланган ризқингга шубҳа қилма, сенга таклиф қилинган амални бажар. Мана шу азизлар ва содиқ муридлар иш-амалидандир”.

Суфён ибн Уяйна айтади: “Абу Ҳозимга: “Сени мол-дунёинг нима?” дейишди. У бундай жавоб берди: “Аллоҳ номи билан ҳалол бўлгани ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлиб топилгани””.

Ҳасан Басрий деди: “Ким Аллоҳдан бўлган чиройли ихтиёрга таваккул қилса, Аллоҳ унга ихтиёр этган ҳолдан бошқасини орзу қилмаслиги вожибдир”. (Ҳасан Басрий бу ўринда инсон нафси тўла-тўкис рози бўлиши мақомига ишора қилади. Бу – сўфийлар ҳузурида “Ризо” мақоми деб танилган)

Нукта: Ризқларига гумонда бўлувчилар – одамларнинг энг ёмон хавфсировчиларидир.

Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: “Ким уйдирма, шов-шув хабарларга аҳамият берса, Аллоҳ ҳузурида унинг қадри бўлмайди”.

Абу Усмондан[2] сўрашди: “Таоминг қаердан келади?” У бундай жавоб берди: “Агар мўмин бўлсанг, бу саволнинг сенга кераги йўқ. Агар унинг акси бўлсанг, сен билан сўзлашишдан маъно йўқ”. Сўнг у қуйидаги оятни тиловат қилди: “Ер юзидаги ҳар бир ўрмаловчига Аллоҳнинг ризқи-рўзи мавжуддир”. (Ҳуд, 6)

Абу Язид Бистомий: “Аллоҳ таоло айтади: “Ким Менинг ҳузуримга холислик билан келса, иродамни унинг  иродаси қиламан ва унга доимий ҳаёт бераман”, деди.

 

 

[1] Абул Ҳасан Али ибн Абдурраҳим Воситий Қаннод маломатий тоифасининг машҳурларидан эди. (Маломатийлар – фитнадан қўрқиб ўз солиҳликлари ҳақиқатини халқдан яширар эди). У ҳадис илми билан ҳам машғул бўлиб, 309 ҳижрий санада вафот этган.

[2] Абу Усмон Саид ибн Исмоил Хайрий Найсабурий асли Рай шаҳридан эди. Ўз вақтининг ягона сўфийларидан бири эди. Тасаввуф у орқали Найсабурга тарқалган. Абу Усмон 298 ҳижрий санада Найсабур шаҳрида вафот топди.

Мақолани улашиш