Print this page

Тавбанинг вожиблиги

Тавбанинг вожиблиги

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай буюради:
"Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки нажот топсанглар" (Нур, 31-оят).
Бу хитоб умумийдир. Аслида басират нури ҳам инсонни шу йўл сари бошлайди. Зеро, тавбанинг маъноси Аллоҳдан узоқлаштириб, шайтонга яқинлаштирадиган йўлдан қайтмоқ экан, буни оқил инсонгина тасаввур қилади. Шаҳват ва ғазаб ғаризаси (табиат эҳтиёжи), шунингдек, инсонни чалғитувчи шайтоний воситалардан бўлмиш бошқа ярамас сифатлар шаклланмагунича, ақл ғаризаси камол топмайди. Шунинг учун ақлнинг дастлабки аломатлари етти ёшдан сўнг кўринади. Балоғат ёшида ақлнинг асоси тугал бўлади, ёш қирқларга борганида ақл тўлишиб, комиллик даражасига етади.

Аён бўлсинки, шаҳватлар – шайтоннинг қўшинлари, ақллар – фаришталарнинг қўшинларидир. Агар улар ўзаро дуч келиб қолишса, ораларида жанг бўлиши муқаррар. Чунки улар табиатан бир-бирларига зид, бир-бирларига тоқат қилолмайди. Уларнинг олишуви тун билан куннинг, нур билан зулматнинг олишуви кабидир. Бири ғалаба қозонса, бошқаси чекинишга мажбур бўлади.
Билгилки, шаҳватлар ақл комил бўлишидан илгари – болалик ва ўсмирлик йилларида камолга етиб улгуради. Шайтоннинг қўшини пешқадамлик қилиб, жойини аввалроқ эгаллайди. Қалбда у билан ошнолик ва улфатлик алоқалари тикланади. Шу тарзда шаҳватлар ўз эҳтиёж-ларини бемалол қондириб, қалбга ҳоким бўла бошлайди. Қанийди тезроқ қутулиш чораси топилса?..
Ана шунда Аллоҳнинг ҳизби ва қўшини бўлган, Аллоҳнинг дўстларини душманлари чангалидан қутқарувчи ақл ёришиб, кўзларни очади. Токи ақл қувват олиб, комил бўлмагунича, қалб мамлакати шайтонга таслим ва унинг учун мисоли ҳозирлаб қўйилган жойдир:
"Эсланг, фаришталарга: "Одамга сажда қилинг", дейи-шимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (кибру ҳаво қилиб): "Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?" деди. У (яна шундай) деди: "Менга хабар бергин-чи, мана шу кимсани мендан улуғ – устун қилдингми? Қасамки, агар Сен мени қиёмат кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини қириб юборурман (яъни, ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман), магар озгиналаригина (ҳақ йўлда) қолурлар" (Исро, 61–62-оятлар).
Ақл камолга етиб, қувватланар экан, энди унинг бош вазифаси – шаҳватларни сўндириш билан шайтоннинг қўшинини янчиш, ярамас одатлардан узилиб, табиатни ибодатга қайтариш. Демак, етакчиси шаҳват, қўриқчиси шайтон бўлган йўлдан Аллоҳ таолонинг йўлига қайтиш айни тавбадир. Борлиқ оламда ҳеч бир инсон йўқки, шаҳвати ақлидан, шайтоний табиати раҳмоний табиатидан ўзмаган бўлса. Шундай экан, шаҳватларни кучайтирадиган йўлдан қайтиш, хоҳ набий бўлсин, хоҳ ғабий (аҳмоқ), ҳар бир инсон учун заруратдир. Бу зарурат фақат Одам алайҳиссаломга хос деб ўйласанг, янглишасан. Ахир бежиз айтилмаган:

Ўйламанг, ғаддорлик ёлғиз Ҳиндда бор,
Ҳар гўзалда бир Ҳинд яширин, маккор...

Тавбага юзланиш инсон жинсига фарз қилинган азалий ҳукмдир. Модомики, илоҳий қонун ўзгармас экан (ўзгартиришнинг иложи ҳам йўқ), бу фарзга терс чиқиш асло мумкин бўлмаган ишдир. Кофир, жоҳил бўлиб вояга етган ҳар бир киши ўзининг куфри ва жаҳолатидан тавба қилмоғи фарз. Кимки Ислом ҳақиқатидан ғофил ҳолатда, ота-онасига тақлидан мусулмон бўлиб балоғатга етган бўлса, Исломнинг маъносини тушуниш билан ғафлатидан тавба қилиши фарз. Негаки, то ўзи Исломда бўлмагунча, ота-онасининг мусулмонлигидан унга наф йўқ. Буни англаган инсонга ярамас одатлардан, шаҳват ортидан чопишдан қайтиши, Аллоҳ таоло бандаси учун белгилаган ҳудудга тўла-тўкис ўтиши фарз. Табиийки, тавбанинг бу эшигига тинимсиз машаққат ва ранж билан етилади.
Буларнинг барчаси қайтиш ва тавба демакдир. Мана шу хусусият тавбанинг ҳар бир шахс зиммасидаги фарзи айн эканига далолат қилади.
Бобомиз Одам алайҳиссалом тавбага муҳтож бўлган эканлар, энди ким ҳам "тавбадан холиман", дея олади? Отанинг хилқати сиғдиролмаган нарсани фарзанднинг хилқати қандай сиғдирсин?! Инсон зоти бегуноҳ эмас экан, демак, унга ҳар бир ҳолатда тавба қилиш вожибдир.
Айрим ҳолатларда аъзолар маъсиятидан сақланиш мумкиндир, лекин қалбдаги гуноҳлар юкидан қутулиш-чи? Баъзида бу юкдан қутулишнинг иложи бўлса-ю, Аллоҳнинг зикрини унуттириб, кўнгилга ҳар хил хатарлар соладиган шайтоннинг васвасадан холи бўлишнинг иложи борми? Васвасадан қутилишнинг ҳам чораси топилар, лекин ғафлатдан, Аллоҳни, Унинг сифатлари ва феълларини англашдаги қусурдан холи бўлишнинг чораси борми?
Буларнинг барчаси нуқсондир, унинг сабаблари бор. ўша сабабларни топиб, уларни бартараф этиш учун уларнинг зиддини юзага чиқариш керак. Бу иш, айни пайтда, битта йўлдан унинг зидди бўлган бошқа йўлга қайтиш ила амалга ошади.
Инсонлар нуқсоннинг бор-йўқлигига қараб эмас, балки унинг миқдорига кўра фарқланадилар. Инсон зоти нуқсонсиз бўлиши мумкин эмас. Ҳатто жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айтган эдилар:
"Менинг қалбимга ҳам шаҳват соя солади, ҳатто бир кеча-кундузда Аллоҳга етмиш марта истиғфор айтаман" (Абу Ҳурайрадан Бухорий ва Муслим ривояти).
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:
"(Эй Муҳаммад) Аллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни мағфират қилиши учун..." (Фатҳ, 1–2-оятлар) деб бошланувчи оятлари билан ўз ҳабибини мукаррам қилди.
Аллоҳ пайғамбарининг ҳоли шу бўлса, бошқаларнинг аҳволи қандай бўларкин?
Агар сен айтсангки: "Қалбга бостириб келадиган ташвиш ва ҳаракатлар нуқсон саналади. Комиллик эса нуқсондан холи бўлишдир. Аллоҳ буюклигининг моҳиятини етарли англамаслик ҳам бир нуқсон экани сир эмас. Маърифат зиёдалашгани сайин камолот даражаси ҳам юксалиб боради. Нуқсондан комиллик томонга ўтиш – қайтиш, қайтиш эса тавбадир. Лекин булар фарз эмас, фазилат-ку?! Тавба ҳар қандай ҳолатда вожибдир, деган сўз билан у мутлақлашяпти. Аслида, бундай ишлардан тавба қилиш вожиб эмас. Чунки шариатда комилликка етиш вожиб қилинмаган. Ҳар қандай ҳолатда тавба қилиш вожиб, деган сўздан мақсад нима?"
Билгилки, олдин айтилганидек, инсон табиати шаклланишданоқ шаҳватларга тобеъдир. Тавбанинг маъноси шаҳватларни тарк этиш билан чекланмайди. Балки, ўтмишда ўтган ишларни ҳам ўнглаш билан тавба мукаммал бўлади. Шаҳват борки, инсонни бўйсундиради. Худди тиниқ ойнани инсон нафаси хира қилгани каби, шаҳватдан инсон қалбига зулмат ёғилади. Оғиздан чиқаётган дам кўзгу юзини кир қилгани каби шаҳватлар зулмати қалбда тўпланиб, тўсувчи пардага айланади. Аллоҳ таоло айтади:
"Йўқ! Балки уларнинг дилларини ўзларининг қилган гуноҳлари қоплаб олгандир" (Мутаффифун, 14-оят).
Шаҳватларга тобеъ бўлиш қусурини ўнглаш учун келажакда шаҳватлардан кечишнинг ўзи кифоя эмас. Балки, қалбни қоплаган кирлардан ҳам халос бўлиш лозим. Кўзгунинг юзидаги кирларни артиб ташламас экансан, уни хиралаштираётган нафасингни қанчалик ичга ютма, сувратингни тиниқ кўролмайсан. Маъсият ва шаҳватлардан қалбга зулмат чўккани каби, тоат билан, шаҳватларни сўндириш билан қалбга нур ёғилади, маъсият зулмати тоат нури билан маҳв этилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари бунга ишорадир: "Ёмонликка уни йўқ қилувчи яхшиликни эргаштир" (Термизий ривояти).
Демак, банда қайсидир ҳолатда савоблари воситасида гуноҳлар доғини қалбидан кетказмоққа эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёж қалбга, аввало, ўзининг аслий софлиги ва жилосини қайтаради. Сўнгра ташқи сабаблар таъсирида сўниш рўй берса ҳам, поклик узоқ сақланиб қолади. Кўзгуни ҳар хил ифлосликлардан поклаш кўзгуга қараш каби тез битадиган иш эмас. Бу муттасил ва узоқ давом этадиган жараёндир.
"Бу айтилганлар вожиб дейилмайди, балки у фазилат ва комилликни талаб қилишдир", деган сўзингга келсак, билгилки, вожибнинг икки маъноси бор: бири шаръий фатвога тегишли бўлиб, унга ҳамма амал қилиши зарур. Бу шундай ўлчовки, агар бутун халқ у билан машғул бўлса, олам бузилмайди. Бас, агар барча одамлар зиммасига Аллоҳдан ҳақиқий тақво билан қўрқиш юкланганида эди (худди пайғамбарларга юкланганидек), одамлар тирикчиликни тарк этиб, дунёдан тўла юз ўгирган бўлардилар. Бу эса охир-оқибат тақвонинг бутунлай бузилишига олиб келарди. Негаки, турмуш-тирикчилик тақсимоти издан чиқар экан, бирор кишининг тақво ҳақида ўйлашга вақти қолмайди. Балки ҳар бир киши тикувчилик, деҳқончилик, нонвойлик каби эҳтиёж сезиладиган ишларга бутун умрини сарфлаши керак бўлади. Шу эътиборга кўра, бу даражалар вожиб эмас.
Вожибнинг яна бир маъноси шуки, уни адо қилиш орқали бутун оламлар Парвардигорига қурбат ҳосил қилинади ва сиддиқлар орасида мақталган мақомга эришилади. Бу мақомга етиш учун албатта тавба вожибдир. Худди "нафл намозда таҳорат вожиб" дейилганидек. Яъни, намозни ният қилган киши таҳоратлик ҳолда намозга киради. Аммо кимки нуқсонга ва нафл намозининг фазлидан маҳрум бўлишга рози экан, унга таҳорат вожиб эмас.
Бу гап худди "инсоннинг мавжудлиги учун кўз, қулоқ, қўл, оёқ керак", деганга ўхшайди. Яъни, бу аъзолар комил инсон бўлишни, ўзининг инсонийлиги билан фойда беришни, инсонийлиги билан баланд мартабаларга эришишни хоҳловчи киши учун зарурдир. Аммо кимки фақат тириклиги билан қаноатланиб, тахта устига ташланган парча гўштдек, улоқтирилган латтадек бўлишга рози экан, бундай ҳаёт учун кўз, қўл, оёқ шарт эмас.
Умумий фатвога дахлдор вожиблар нажотга, нажот саодатга элтади. Анбиё, авлиё, уламо ва у зотларга ўхшаганлар нажот сари интилиб,
ўзларининг хоҳиш-ирода, ҳис-туйғуларини шу йўлга мосладилар. Шунинг учун улар дунё лаззатларидан тўлиғича воз кеча билдилар. Ҳатто Исо алайҳиссалом тошни ёстиқ қилиб ётишгача бориб етдилар. "Ўшанда шайтон унинг олдига келиб, деган эди:
– Охиратни деб дунёдан кечдингми?
– Ҳа, нима бўлибди?!
–Сенинг бу тошга суянишинг дунёдан неъматланиш-ку! Нега бошингни ерга қўймайсан?
Шунда Исо алайҳиссалом тошни улоқтирди ва бошини ерга қўйди".
Исо алайҳиссаломнинг тошни улоқтириши дунёдан ҳузурланишни рад этиш, бундан тавба қилиш эди. Исо алайҳиссалом бошни ерга қўйиш умумий фатвода вожиб эмаслигини билмасмидилар?.. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эгниларидаги янги кўйлаклари намозда хотирларини машғул қилиб қўяётганини пайқаб, уни ечиб ташлаган эдилар. Ковушларига боғланган янги боғич эътиборини тортганида, ечиб, ўрнига эскисини боғлаганлар. Нима, Аллоҳнинг элчиси, умматига шариат йўлини кўрсатиб берган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатда бу ишнинг вожиб эмаслигини билмасмидилар? Жуда яхши билар эдилар. Билган ҳолларида тарк этиш вожиб бўлмаган нарсани тарк этиб, тавба қилдилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг қалбда ўчмас из қолдиришини, бу из ваъда қилинган мақоми маҳмудга етишдан тўсажагини ич-ичидан англар эдилар.
Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ичган сутида шубҳага борди. Сўнг бармоғини бўғзигача тиқиб, сутни қайт қилиб ташлади. Ҳатто жони чиқиб кетай деди. Нима, Абу Бакр Сиддиқдай зот шу шубҳали нарсани билмасдан еб ё ичиб қўйганида, бунинг учун гуноҳкор бўлмаслигидан, фиқҳий фатвода уни қайт қилиш вожиб эмаслигидан бехабармиди? Агар хабардор бўлса, нега бу ишдан тавба қилди?
Бу Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳунинг кўксига чуқур ўрнашган сирдир. Шу сир унга умумий фатвонинг йўриғи бошқалигини, охират йўлининг хатарини сиддиқларгина англашини аён этади. Саҳобалар Аллоҳни, Аллоҳнинг халқини, Аллоҳнинг йўлини, Аллоҳнинг "макри"ни, "Аллоҳ" деб алданиб қолишнинг яширин жиҳатларини билгувчи, танигувчи зотлар эдилар.
Дунё ҳаёти сени алдаб қўйишидан бир мартагина сақлан! Тилингда "Аллоҳ" деб, дилингда шайтонга алданиб қолишдан минг-минг марта сақлан!
Бу сирларнинг хуш бўйларидан баҳраманд бўлган киши Аллоҳ таоло йўлидаги солиҳ банда учун самимий тавбанинг нақадар лозимлигини яхши билади. Самимий тавба солиҳ бандага доимий ҳамроҳдир. Агар у Нуҳ алайҳиссалом умрича яшаса ҳам, ҳар олган нафасида шу тавба билан биргадир.
Абу Сулаймон Дороний ушбу сўзида ҳақ эди: "Оқил киши умрининг қолган қисмига эмас, балки тоатсиз ўтган умри учун йиғласа эди, бу йиғи унинг ўлимигача давом этган бўларди. Ажабо, инсон ўз умрининг жоҳиллик билан кечган қисмига назар солса, қолган қисмини қандай кутиб оларкан?"
Яъни, оқил киши нодир бир жавҳарга эга бўлса-ю, унинг бир қисмини ҳеч фойдасиз зоеъ қилса, шубҳасиз у бунинг учун йиғлайди. Агар бу зоеъ қилиш унинг ҳалокатига сабаб бўлса, йиғи янада даҳшатлироқ тус олади. Умрнинг ҳар бир соати, балки ҳар бир нафас нодир жавҳар янглиғ бебаҳодир, ҳеч нарса унинг ўрнини босолмайди. Чунки у абадий шақоватдан қутқариб, абадий саодат сари элтадиган имкондир. Шундай экан, бундан ҳам нодирроқ жавоҳир бўлиши мумкинми?!
Агар бу нодир жавҳарни ғафлат оғушида зоеъ қилсанг, очиқ зиён кўрасан. Агар уни гуноҳ йўлида сарфласанг, шармандали ҳалок бўласан. Гуноҳларинг учун ҳалигача йиғламаётган экансан, бу ҳолат нодонлигинг туфайлидир. Гуноҳларингни англамаётганинг ҳар қандай гуноҳдан оғирроқ гуноҳдир. Жаҳолат шундай мусибатки, унга йўлиққан киши ўзининг мусибат эгаси эканини билмайди. Негаки, ғафлат уйқуси уни билишдан тўсади.
Одамлар уйқудадирлар, ўлгач уйғонадилар. Ана ўша пайтда ҳар бир муфлиснинг ночорлиги, ҳар бир мусибат эгасининг ҳалокати очилиб қолади. Хатоларни тузатиш учун берилган имкон тугайди.
Орифлардан бири дейди: "Ўлим фариштаси (унга Аллоҳнинг саломи бўлсин) бандасига кўриниб: "Бир соатлик умринг қолди, уни бир дақиқага ҳам узайтиролмайсан", деса, банда афсус ва надомат билан шундай ҳасрат чекадики, ўша қолган бир соатини тавбаларга тўла, хатолари ўнгланган бошқа бир соатга алмаштириш учун борини, агар бутун дунё уники бўлса, барча-барчасини сарфлаган бўларди. Лекин қани бунга йўл тополса!" Аллоҳ таолонинг оятлари ҳам шу маъноларга ишорат қилади:
"... улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни, иймон келтириб, дўзах азобидан қутулиб қолишининг) ўртаси тўсиб қўйилди" (Сабаъ сураси, 54).
"Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: "Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам", деб қолишдан илгари – Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вафот эттирмасдан) қолдирмас" (Мунофиқун, 10–11-оятлар).
Оятдаги "ал-ажалул қариб", яъни, "озгина муддат" сўзининг тафсирида айтилади: "Парда кўтарилар экан, банда ўлим фариштасига:
–Эй Малакул мавт, бир кунгина муҳлат бер, Раббимга юзланиб кечирим сўрай, гуноҳларимдан тавба қилай, нафсим учун бир солиҳ амал ҳозирлай, – дейди.
Шунда Малакул мавт айтади:

– Кунларни тугатдинг, кун қолмади.
– Лоақал бир соатгина муҳлат бер.
– Соатлар битди, энди соат йўқ".

Бас, тавба эшиги унга ёпилади. Жон ғарғарага келади, сўнгги нафас бўғизда титрайди, ғуссага тўла ноумид кўзлар умрнинг зоеъ кетганидан аччиқ надомат ва сўнгсиз ҳасрат ила жовдирайди. Бу ҳолатлар зарбидан иймон изтироб чекади.
Сўнгги нафасларда Аллоҳдан раҳмат етиб, жон тавҳид билан чиқса, нақадар гўзал хотима! Аллоҳ асрасин, тақдирда бадбахтлик битилган бўлса, жон шак-шубҳа ва изтироб билан чиқади. Бу жуда ёмон хотима! Худди ушбу оятларда айтилганидек:
"Мудом гуноҳ ишлар қилиб юриб, қачонки (бировларига) ўлим келганида: "Энди тавба қилдим" дейдиган ва кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Улар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз" (Нисо, 18-оят);
"Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилиши фақат бирор гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қиладиган кишилар учундир" (Нисо, 17-оят).
Яъни, хато қилган заҳоти хатодан пушаймон бўлиш, хатонинг изини дарҳол бир яхши иш билан ювиш лозим. Токи хатолар тўпланиб, қалбда ўчмас из қолдирмасин.Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ёмонликка уни йўқ қилувчи яхшиликни эргаштир", деганлар. Шуниндек, Луқмони Ҳаким ҳам ўғлига айтганлар: "Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади. Биттаси, гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди. Иккинчи хатар шуки, касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди".
Хабарда келганидек: "Жаҳаннам аҳли қичқирғининг аксари тавбани кечиктиришдандир". (Яъни, жаҳаннам азобига чидаёлмай бақираётганларнинг кўпчилиги тавбани кечиктирган кишилардир.)
Ким Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан борар экан, нажот топади. Қалб Аллоҳ таолодан бандасига берилган омонатдир. Умр ҳам Аллоҳнинг омонати. Шунингдек, тоатга сабаб бўлувчи барча нарсалар омонат. Кимки омонатга хиёнат қилиб, тавба қилмаса, хатарли жазога йўлиқажак.
Орифлардан бири дейди: "Аллоҳ таолонинг бандасига тегишли иккита сири бор. Улуғ ва қудратли зот илҳом йўли билан бу сирларни бандасига билдирган. Аввалгиси шуки, бола она қорнидан чиқар экан, унга айтади: "Бандам, пок ва тоза ҳолда сени дунёга келтирдим, умрингни сенга ишониб топширдим, омонатга бердим. Бас, омонатни қандай сақлашингни ўйла, рўбарў бўлурсан!" Кейингиси шуки, руҳ бандадан чиқаётганида Аллоҳ таоло айтади: "Бандам, ишониб топширган омонатимни нима қилдинг? Аҳдга кўра, Менга рўбарў бўлгунингча уни сақлай олдингми? Агар омонатимни сақлаган бўлсанг, аҳдимга вафо қилиб, мукофот билан қаршилайман. Агар омонатимга хиёнат қилган бўлсанг, омонатни талаб қилиб, жазо билан кутиб оламан".
Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари бунга ишорадир:
"Аллоҳга тавба қилинг. Шунда мен ҳам аҳдга вафо қиламан..." (Бақара, 40-оят);
"Улар (яъни, мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва берган аҳду паймонларига риоя қилувчи кишилардир" (Мўминун, 8-оят).

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан

Мақолани улашиш