Print this page

Тавба нима?

ТАВБАНИНГ МОҲИЯТИ
Тавба нима?

Билгилки, тавба уч босқичдан иборат. Биринчи босқич илм, иккинчи босқич ҳол ва учинчиси феъл. Бу босқичларнинг ҳар бири ўзидан кейинги босқич учун заруратдир. Чунки Аллоҳнинг мулк ва малакутга жорий этган қонунидаги узлуксизлик шуни тақозо қилади.

Илм – гуноҳлар туфайли содир бўлиб, банда билан унинг суюкли нарсалари орасини тўсадиган улкан зарарни англаш. Бу улкан зарарни тўла англаган киши қалбига ғолиб бўлади. Бу англаш суюкли нарсасини бой берган қалбда алам-оғриқ пайдо қилади. Қалбда йўқотиш ҳисси ортгани сайин аламнинг шиддати ҳам кучаяди. Маҳбубини ўзининг бир ёмон феъли сабаб бой бергани учун қалб афсус чекади. Қалбнинг бу оғриғи – надомат дейилади. Оғриқ ичкарини бутунлай эгаллаб олганидан сўнг қалбда ирода ва қасд деб аталган ўзгача бир ҳолат намоён бўлади (қасд – гуноҳни тарк этишни мақсад қилиш, шу мақсад томон қадам ташлаш).
Тавбанинг бугун, келажак, ўтмишга боғлиқ жиҳатлари бор: маҳбубдан тўсувчи гуноҳларни бугун тарк қиляпсан; маҳбубдан айирувчи гуноҳга келгусида минбаъд қайтмасликка азм этдинг; шу азм ўтмишдаги хатонинг ўнгланишига умид уйғотади. Бу яхшиликларнинг аввали илмдир. Илм дейилганда иймон ва йақин (шак-шубҳасиз, аниқ ва ҳақиқий билиш) назарда тутиляпти. Гуноҳларнинг дўзахдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборадиган самум шамоли янглиғ ҳалокатли эканини тасдиқлаш иймондир. Бу тасдиқни таъкидлаб, шубҳалардан буткул халос бўлиш ва тасдиқнинг қалбни тўла эгаллаши эса йақиндир.
Надомат ўти қалбни қанча кўп ёритса, иймон нури шунча яхши самара беради. Иймон нури шуъласида ўзини маҳбубидан ажралган ҳолда кўрган қалбнинг алами чексиз... Бу ҳолат худди зулматдаги кишига кутилмаганда қуёш нурлари ёғилишига, қуюқ булутлар тарқаб, дафъатан боши узра шуълалар таралишига ўхшайди. Шунда у ҳалокат ёқасида турган маҳбубини кўради, қалбидаги муҳаббат яна аланга олади ва хатони тузатиш, йўқотганини топиш истаги уйғонади.
"Илм", "надомат" ва "қасд" сўзларининг ҳар бири алоҳида маъно ва даражага эга. "Тавба" сўзи эса бу маъноларнинг барчасини қамраб олади. Кўпинча, тавба дейилганда фақат надомат маъноси тушунилади. Илм надоматдан олдин ҳосил бўладиган, гуноҳни тарк қилиш эса унинг меваси, унга эргашиб келадиган тобеъ сифатида эътибор қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Надомат тавбадир", деганлар. (Бу ҳадисни Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Ҳакимлар Ибн Масъуддан ривоят қилишган.)
Зотан, надомат чекиш пушаймонни пайдо қиладиган илмдан ва унга эргашиб келадиган азмдан холи эмас. Демак, надомат ҳам ҳосил, ҳам ҳосил берувчидир. Шу эътиборга кўра, тавбанинг чегараси ҳақида шундай дейилади: "Тавба фақат алам-оғриқнинг ўзигина эмас, балки ўтган хато туфайли қалбнинг эришидир".
Яна айтилади: "Тавба қалбда ёлқинланаётган олов, жигардаги бўлакларга бўлинмас ёрилишдир".
Гуноҳни тарк этиш маъносига кўра, тавбанинг чегараси ҳақида яна шундай дейилган: "Тавба – жафо либосининг ечилиши, вафо гиламининг тўшалишидир".
Саҳл ибн Тустарий дейдилар: "Тавба мазмума (ярамас) ҳаракатларни маҳмуда (мақтовли) ҳаракатларга ўзгартиришдир. Бу иш фақат хилват, сукут ва ҳалол ейиш билан комил суратда амалга ошади".
Ушбу сўзлари билан Тустарий "тавба"нинг учинчи маъносига ишора қиляпти. Агар бу уч маънони, уларнинг ўзаро алоқаси ва тартибини эътибор билан кузатсанг, тавбанинг чегаралари ҳақидаги гаплар унинг маъноларини тўла қамраб ололмаслигига амин бўласан.
Муҳими, қуруқ сўзларни эмас, масаланинг моҳиятини англашга интилишдир.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан

Мақолани улашиш