Қиёмат кунининг узунлиги

У Кун кўзлар тикилган кўйи қотиб қолган, қалблар парчаланган, биров бировга сўз қотмайди, биров бировга боқмайди. Уч юз йил туз тотмасдан, бир қултум сув ичмасдан турадилар, ғир этган шабадани топмайдилар. «У Кунда барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик турадилар» (Мутаффифун,6) ояти тафсирида Каъб ва Қатода деди: «Уч юз йил миқдорида турадилар».

Абдуллоҳ ибн Амр деди: «Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам бу оятни тиловат қилиб: «Оллоҳ сизни муддати эллик минг йилга баробар бир Кунда ўқларни садоққа жойлаган каби жамлаб,(лекин)сизга боқмаган Кунда ҳолингиз қандай бўлур?!» (Табароний ривояти). Ҳасан Басрий дейди: «Муддати эллик минг санага тенг бир Кунда емасдан, ичмасдан оёқ узра туриш хусусида ўйлаб кўрдингизми? Ташналикдан томоқлар қуриб ёрилади, очликдан қоринлар ёнади. Шу ҳолатда жаҳаннам сари юрадилар, қайнаб турган булоқдан ичадилар. Ҳарорат баттар кучайиб, ичларни куйдиради. Аҳволлари тоқат қилиб бўлмас даражага етади. Шунда улар: «Оллоҳнинг ҳузурида  мукаррам бўлган бир зот бизни шафоатига олмасмикан?» – дея бир-биридан сўрайдилар. Кейин улар қайси пайғамбарнинг ёнига боришмасин, у пайғамбар: «Мени тинч қўйинг,ўзим билан ўзим овораман, ўзга билан ишим йўқ» – деб жавоб беради. Оллоҳ таолонинг қаттиқ ғазабидан огоҳ ҳар бир пайғамбар: «Парвардигоримиз на илгари ва на кейин бугунгидек ғазабланмаган» – деб шафаот сўровчиларга ўзларининг узрини изҳор қилишади. Кейин Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом изн берилган кишиларни шафоат қилади».
 
«У Кунда оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина(фойда берур)»(Тоҳо,109-оят). Агар  Қиёмат кунининг нақадар узун ва у Кундаги интизорликнинг нақадар аччиқ экани хусусида ўйласанг, бу қисқа умрда гуноҳлардан тийилишга сабр этишинг шунча осон кечади. Бу дунёда шаҳватлардан тийилиш қийин бўлгани учун ўлимни узоқ кутяпсан. Билгинки, бугун чўзилган интизорлигинг туфайли  у Куннинг интизорлиги қисқа бўлади. Қиёмат кунининг узунлиги тўғрисида Расули акрам дедилар: «Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Кун мўминга бу дунёда ўқиган фарз намозидан ҳам енгилроқ қилинади» (Абу Йаъло ва Байҳақий ривояти). Бас, ана ўша мўминлар жумласидан бўлишга тириш! Модомики, умрингдан бир нафас қолган экан, ҳали имконият бор, ҳозирлик кўр. Муддати қисқа бу кунларда муддати узун Куннинг ғамини е! Сенга чексиз сурур бағишлайдиган фойдани қўлга кирит. Сенинг арзимас умринг, балки бу дунёнинг етти минг йиллик умри Охиратнинг бир куни олдида нима деган гап! Майли, етти минг йил сабр этсанг, нима бўпти? Ахир эвазига муддати эллик минг йилга баробар Куннинг азобидан халос бўласан-ку! Сен учун бундан катта ютуқ, бундан ҳузурбахш ҳордиқ борми?!
 

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.