Ўлимдан сўнг (2-қисм)

«Сўнгги манзиллар» китобининг иккинчи қисмида Сур чалинишидан то жаннат ёки дўзахда қарор топишгача бўлган воқеалар, шунингдек, булар орасида содир бўладиган қўрқинч ва хатарлар зикр қилинади.

Иккинчи қисм қуйидаги мавзулардан иборат: Сур чалиниши баёни, Маҳшар майдони ва Маҳшар аҳлининг сифати, Қиёмат кунининг узунлиги, Қиёматдаги кулфатлар, Қиёмат кунининг турли хил номланишлари, гуноҳлардан сўралиш, Мезон-тарозининг сифати, шафоат ва ҳавзи Кавсар баёни, жаҳаннам даҳшатлари, жаннат ва у ернинг неъматлари, жаннат боғларининг сони, уларнинг эшиклари, хоналари, деворлари, анҳорлари ва дарахтларининг сифатлари, жаннат аҳлининг либоси, тўшаклари, сўрилари ва таомларининг сифати, «ҳури ийн»(оҳу кўз ҳурлар) ва «вилдон»( мангу ёш болалар) сифати, Оллоҳ таолонинг жамолига назар этиш. Шунингдек, Оллоҳ таоло раҳматининг кенглиги ҳақидаги боб ҳам шу китобдан ўрин олган.

Сур чалинишининг баёни

Жон чиқар ҳолатдаги талваса, оқибат хавфида тўлғонишлар хусусида «Ўлимни эслаш китоби» орқали танишдик. Бас, шунчалик тўлғонишлар ўтди, банда бу дунёдан узилди. Энди уни қабр зулмати, жасадни кемирувчи қурту ҳашаротлар, Мункар ва Накир саволлари, агар Оллоҳнинг ғазабига сазовор бўлса, қабр азоби ва унинг хатарлари «қучоғига олади».
Буларданда хатарлиси, ҳали олдинда Сур чалиниши, жасадларга қайтадан жон иниб, қабрдан чиқиш, барча ишга қодир Зот олдида катта-ю кичик нарсалар ҳақида сўралиш, ҳар бир миқдорни ҳисобга олувчи амаллар тарозисининг қурилиши, қилдан ингичка ва қиличдан ўткир Сиротдан ўтиш, кейин ё саодат сари ё шақоват-бадбахтлик сари йўллайдиган ҳукм нидосини кутишлар бор.
Бас, бу ҳолат, бу даҳшатлардан огоҳ бўл ва уларни сидқи дилдан тасдиқла, иймонингга заррача шубҳа аралашмасин! Бу хусусда қанчалик кўп фикр юритсанг, қалбингда у Кунга ҳозирлик кўришга ундовчи сабаблар шунчалик ортади.
Афсус! Аксар кишиларнинг охират кунига бўлган иймони қалбининг тўридан жой олмаган. Шунинг учун ҳам улар ёзнинг иссиғи-ю, қишнинг совуғига мукаммал ҳозирлик кўргани ҳолда, суякларни эритиб юборадиган жаҳаннам оловига, турли-туман мусибат ва даҳшатлардан иборат замҳарир совуқларига эътиборсиз. Улардан охират куни ҳақида сўрасангиз, тиллари бийрон, қалблари эса ғофил. Агар бирортаси уларга «олдингдаги таом заҳарли» деса, унга «тўғри айтдинг, дўстим» дейишади ва таомга қўл чўзишади. Тиллари билан тасдиқлаган нарсани амаллари билан ёлғонга чиқаришади.
Англа! Амалдаги ёлғон тилдаги ёлғондан хавфлироқдир.
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Оллоҳ таоло деди: «Мени сўкмаслик лозим бўлатуриб, Одам фарзанди Мени сўкди. Мени ёлғончига чиқармаслик лозим бўлатуриб, Мени ёлғонда айблади. Мени сўккани: «Оллоҳнинг боласи бор» деганидир. Мени ёлғонда айблагани: «Оллоҳ аввал яратгани каби қайта яратолмайди» деганидир» (Бухорий ривояти).
Қайта тирилиш, ҳисоб учун Маҳшар майдонида тўпланиш хусусида фикрлаш кам, ўйлар саёз, ишончда қувват йўқ, тасдиқлар заиф. Агар тирик жонзотнинг туғилишини умрида кўрмаган одамга: «Содда ва арзимас бир уруғдан сен кўриб турган мана шу мукаммал одамни пайдо қилган Яратувчи бор» дейилса, у бу ҳақиқатга шубҳа билан қарайди.
Оллоҳ таоло деди:
«Инсон Биз уни нутфадан - бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса баногоҳ у (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилгувчи бўлиб қолганини кўрмадими?!» (Ёсин, 77-оят).
Оллоҳ таоло деди:
«Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир(ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Оллоҳ уни) яратиб, расо қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди» (Қиёмат, 36-38- оятлар).
Одамнинг илк яралишидаги, йўқдан бор бўлган турли-туман аъзоларнинг бирикишидаги ажибликлар олдида қайта тирилиш нима деган гап! Оллоҳ таолонинг шундай санъати ва қудратига гувоҳ бўлган киши қандай қилиб Қайта тирилиш ва бунинг ҳикматини инкор эта оларди?
Агар қайта тирилишга ишончинг мустаҳкам бўлмаса, илк яралишга назар сол, иймонинг қувватлансин. Қайта тирилиш ҳам аввалги яралишдек, балки ундан-да енгилроқдир. Иймони бақувват қалбгина келажакда муқаррар хавф-хатарларни ҳис қилолади. Шу хусусда ўйла, эътиборингни шунга қарат. Бу дунё ва унинг роҳатини қалбингдан суғуриб ол, эртага Улуғ Зот қаршисида қандай юзма-юз туришингни ўйла!
Сурнинг шиддатли товушидан қабр аҳли даҳшатга тушади. Шундай даҳшатки, қабрлар ёрилиб, бир дафъада ундан жасадлар кўтарилади. Тасаввур қил: юзинг бўзарган, бошдан оёғинг қабр тупроғига беланган ҳолда турибсан. Кўзларинг нидо келган томонга тикилиб, қотиб қолган.
Оламон синовлари узоқ чўзилган қабрлар ичидан бир қўзғолишда чиқадилар. Энди улар олдингидан ҳам чуқурроқ қайғу, шиддатлироқ қўрқув - оқибат қандай бўлишини кутиш даҳшати ичра қоладилар.
Оллоҳ таоло деди:
«Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Оллоҳ хоҳлаган зотларгина(тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди ва қабрларидан) туриб, (Оллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар, 68- оят).
Оллоҳ таоло деди:
«Чунки қачон (қиёмат қойим бўлгани ҳақида хабар бериб) бурғу чалинганида, ана ўша Кун қийин Кундир! Кофирларга осон бўлмаган (Кундир)!» (Муддассир, 74- оят).
Оллоҳ таоло деди:
«Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар(айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?»-дерлар. Улар фақат биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқда холос. У уларни (ўлимдан мутлақо бехабар ҳолларида, кўча-кўй ва бозорларда бир-бирлари билан) жанжаллашиб турганларида олиб кетар (яъни ҳалок этар). Бас, улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлурлар. (Қиёмат соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари (ҳузурига ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар. Улар:
«Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғизди?» деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса – Қиёматдир» (Ёсин, 48-52- оятлар).
Агар ўликлардан барча азоблар кўтарилиб, фақатгина Сур чалиниши қолса, мана шу даҳшатнинг ўзиёқ уларни тинимсиз қўрқитишга кифоя бўларди. Сурнинг даҳшату ваҳшатга тўла овози осмонлару ердаги барча жонзотнинг юрагини ёради. Фақат Оллоҳ ўлдиришни ирода қилмаган баъзи фаришталаргина ундан омон қоладилар.
Расули акрам дедилар: «Қандай қувонай, Сур эгаси шохни оғзига қўйди. У бошини эгиб, қулоқларини «динг» қилган ҳолда чалишга қачон амр бўлишини кутяпти» (Термизий ривояти).
Муқотил ибн Сулаймон дейди: «Сур бу шохдир. Исрофил алайҳиссалом бу шохга дам уради(пуфлайди). Шохнинг дам уриладиган оғиз томони осмонлару ернинг кенглигичадир. Исрофил алайҳиссалом Аршга кўзини тикиб, қачон амр бўлишини кутяпти. Сурга биринчи дам урилганда осмонлару ердаги барча жонзотлар қўрқувдан жон берадилар. Магар, Оллоҳ тирик қолишини ирода этган фаришталар – Жаброил, Микоил, Исрофил ва Малак ул-мавт омон қоладилар. Кейин ўлим фариштаси – Малакул мавтга Жаброилнинг, сўнгра Микоилнинг, сўнг Исрофилнинг жонини олмоқ буюрилади. Охирда ўлим фариштасига ҳам ўлмоқ амр этилади. Бас, у ҳам жон таслим қилади.
Биринчи бор сур чалинганидан сўнг халқ қирқ йил барзаҳда қолади. Кейин Оллоҳ таоло Исрофилни тирилтириб, сурга иккинчи бор дам уришни буюради».
Оллоҳ таоло деди:
«Сўнгра у (сур) иккинчи бор чалиндида, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди ва қабрларидан) туриб, (Оллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар, 68- оят).
Кўз олдингга келтир, сурнинг даҳшатли қичқириғидан қўрқув ичра оёққа қалққан халойиқ гангиб, ўзини йўқотган. Лекин устларига ёприлган шунча хорлик ва синиқликка қарамасдан битта туйғу уларда ҳали ўлмаган - кутиш туйғуси! Улар ҳукмни кутишяпти: саодатми ё шақоват?
Тасаввур эт, сен ҳам шулар орасидасан. Сен улардек хор-ночор, ҳайроналик ичра қотиб қолгансан. Бу дунёда тўкин-сочин, турли-туман ноз-неъматларга бурканган ҳолда яшадинг, бой эдинг. У Кунда ер юзининг подшоҳлари гадо, балки унданда паст, қадамлар топтаб ўтадиган энг ҳақир зарра каби бўладилар. У Кунда ваҳший ҳайвонлар бошлари эгик ҳолда саҳролардан, тоғлардан тушиб келади. Одамлардан ҳуркиш ўрнига, халойиққа қўшилиб, беозор ва бегуноҳ ҳолда Ҳашр сари юрадилар. Сурнинг даҳшатли қичқириғи уларни бу томон чорлайди, шу даҳшат туфайли улар одамлардан қўрқишни унутади:
«Ваҳший ҳайвонлар ҳам (бир жойга) тўпланиб қолганида» (Таквир, 5- оят).
Кейин йўлдан озиб, осий бўлганларидан сўнг мардуд бўлган шайтонлар Маҳшарга келадилар. Оллоҳ таоло олдида туриш қўрқинчи уларнинг бўйнини эгади:
«Бас (эй Муҳаммад), Парвардигорингизга қасамки, албатта Биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз, сўнгра
(барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз» (Марям, 68-оят).
Фикр эт, ўша пайт аҳволинг не кечади?!

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.