Зикруллоҳ – банда билан Аллоҳ ўртасидаги сирли риштадир

Зикруллоҳ – банда билан Аллоҳ ўртасидаги сирли риштадир

 (Доктор Одам ЭРГУЛ билан суҳбат)

 

Ассалому алайкум, муҳтарам Устоз!

Маълумки, Islom.uz сайтининг бир неча бўлимлари бор.

Ҳадисга оид, тафсирга оид, савол-жавоблар ҳамда фиқҳга оид, арабча таълим учун, аёллар учун алоҳида-алоҳида сайтлардан иборат. Islom.uz эса буларни умулаштирувчи марказий сайт ҳисобланади. Шунингдек, Рамазон ойида “Тазкия” номли яна бир янги сайт очилди. Бу сайтда фақатгина ахлоққа, тасаввуфга оид мавзулар бериб бориш мақсад қилинган. Биз ҳам бу ердан туриб имкон қадар мавзулар, суҳбатлар тайёрлаб берамиз, иншааллоҳ.

Энди бу сайтни очишдан мақсад нима? Ҳозирда олимлар орасида, дин пешволари орасида, ҳатто оила даврасида нимаики савол, муаммо пайдо бўлса, бу ачинарли ҳолат ахлоқсизликдан, илмсизликдан, тазкия яъни ахлоқий илмлардан, тасаввуфдан йироқликдан экани  кўзга ташланади. Шу сабабли ушбу бўлимни очишга қарор қилинди.

Алҳамдулиллаҳ, яқингинада ушбу хайрли лойиҳа ишга тушди.

 

– Аллоҳга шукр!

 – Ушбу хайрли ишнинг хоҳ хос кишилар, хоҳ авом халқ учун таъсирли, манфаатли бўлиши, одамлар ахлоқини гўзаллаштиришда чинакам хизмат бўлиши учун, хоҳ оилавий тарафлама бўлсин, ёхуд ҳар бир якка шахсга ёки бутун бошли жамоага бўлсин, айниқса, уламолар учун нималарни тавсия қилган бўлардингиз?

  • Тушунарли. Албатта, жуда гўзал иш бўлибди. Энди... Тазкия масаласига келсак, Аллоҳ таоло ахлоқ вазифасини пайғамбарларга (алайҳимуссалом) юклаган. Яъни бу вазифани пайғамбар бандаларига муносиб кўрган. Демак, тазкияга масъул шахсларнинг ўзига хос фазилатлари, танланган жиҳатлари бўлмоғи лозим.

Бу билан фақатгина пайғамбарлар тазкия билан шуғуллана оладилар, бошқалар бу ишни бажара олмайдилар, демоқчи эмасмиз. Пайғамбарлар келмаган даврларда ҳам “إِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الْأَنْبِيَاءِ” – “Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” ҳадисига кўра пайғамбарларнинг ҳақиқий ворислари, меросхўрлари бўлмиш олимлар айнан тазкия иши билан шуғуллана оладилар. Чунки инсонларнинг тазкияси қалбларига таъсир билан бошланади, кўнгилларининг ахлоқан юксалиши билан бошланади. Бундай ҳолда атрофдаги кишилар сизнинг ҳолатингизга мухлис бўла бошлайдилар. Ахлоқингизга, Исломни гўзал яшашингизга, нурониятингизга, мунаввар чеҳрангизга, юксак муомала маданиятингизга ҳавас қиладилар.

Сиз зуҳд соҳиби бўлишингиз лозим. Шунда Аллоҳ сизни севади ва севдиради. Бунинг учун тазкияда икки хусус бор. Биринчиси, тазкияда марказ шахсият. Энг муҳим нуқта мана шу. Яъни ким тазкия билан шуғуллана олади? Ана шу “ким” ўта муҳим саналади. Яъни ушбу нуқтада Аллоҳ таоло тақвога ишора қилади: “وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَامًا” Яъни «...Ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт» (Фурқон сураси, 74-оят), дея тақвога эътибор қаратади.

Тақво соҳиби бўлган раҳбарга эҳтиёж бор. Агар у киши Раббоний олим бўлса, яъни ҳам барча зоҳирий илмлар билан бирга ботиний илмлардан насибаси бўлган, тазкия соҳиби – нафсини, хулқини поклаёлган, сайри сулук кўрган, маънавий тарбия кўрган бир инсон бўлса, демак, у киши Раббоний олим ҳисобланади. Унинг атрофида гўзал инсонлар тўплана бошлайди, у ерда бир барокат, бир манба кўзга ташлана бошлайди. Чунки тасаввуф илми яъни тазкияда етишиш таълимдан, таҳсилдан кўра кўпроқ инъикос ҳамда инсибол йўли билан ҳосил бўлади. Инъикос нима дегани? Аксланмоқ, инсибол эса бўянмоқ деган маъноларни беради. Бунда эса восита муҳаббатдир!

Яъни тазкиянинг марказида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ворис бўлган Раббоний бир олим ва орифимиз, у ориф билан иккисининг ўртасида пайдо бўлган муҳаббат, тақдири илоҳийдан бўлган муҳаббат билан бошланади. Иккинчи учи эса мурид деб атаганимиз солик деганимиз ёки толиб деганимиз шахс. Бу тушунарли бўлди аммо энг муҳим жиҳати – истакдаги жиддиятдир. Яъни муридул-Ҳақ бўлиши, унинг иродасидаги самимияти ва ўртада бир муҳаббат ҳосил бўлган бўлса, шунда тазкия бошланади (юзага келади). Асосан тазкия оз илмга эга бўлган кишиларда ҳосил бўлса, жуда тез натижа беради. Буюклар шундай дейишади. Яъни олим бўлган кишининг таслимияти қийиндир, аммо тазкияси осондир. Жоҳил кишининг эса таслимияти осондир аммо тазкияси қийиндир. Шу боис ҳам бундай бир ҳаракатда, яъни тазкия масаласида олдин бу ишга инкор билан эмас истак, хоҳиш билан яқинлашиш муҳимдир, натижалидир. Тазкияга лойиқ шахснинг атрофида, тўғри тарбияга асосланган тазкияга боғланиш ўта муҳимдир. У зотан Аллоҳ таолонинг лутфу карами ила у маърифий тарбия бир мактаб ўлароқ, бир даргоҳ ўлароқ таъбир жоиз бўлса, бошланади, демакдир. Энди хос инсонларнинг тарбиясида илмдан истеъфода этиш, зоҳирий илмлардан фойдаланиш, аммо ундан олдин кўпроқ ўша тарбия этувчи шахснинг қурбат деганимиз, Аллоҳ таоло билан ўртасида ҳосил бўлган муқарраблиги у фарз ва нафл ибодатлари билан Аллоҳга яқинлик, қурбат ҳосил қилгани муҳимдир!

Яъни бу ердаги энг муҳим масала – ишнинг марказида бўлган кишининг етук маънавиятли, саҳиҳ инсон бўлишидир. Борди-ю, у одам ноқис бўлса, яъни маърифий камолотга эришмаган бўлса, у ҳолда тазкиядан мақсад ҳосил бўлмайди. Халқимизда ажиб бир нақл бор: “Кам олат (асбоб) билан камолот бўлмас!” Биласиз, форсийда “кам” сўзи ноқис маъносини ҳам беради. Демак, ноқисдан комил чиқмайди, дегани. Муршиди мукаммал, дейдилар. Муршиди мукаммал бошқа кишини маънавий камолатга эриштирадиган киши, деганидир. Шундай етишган комил инсонлар бор бўлса, уларнинг ёнларида юриб, қалб чироқларини ёқмоқлари лозим.

Аллоҳ таоло инсонни инсон билан пайванд қилади, даражасини орттиради. Худди бир дарахтни бошқа дарахтга пайванд қилингани сингари Аллоҳ таоло инсонни инсонга пайванд этади. Бунинг учун эса инсон ана шу пайвандга муносиб бўлмоғи лозим. Бунга баъзан назар билан, яъни устознинг назарига тушиш билан эришилади. Баъзан, ҳаттоки аксарият ҳолларда икки тарафнинг баробар, тенг ҳаракатлари билан ҳосил бўлади. Ва ўша тарбия пиллапояларини босиб ўтиш орқали эришилади. Бундай гўзал инсонларни тарбия орқали етиштириш лозим. Яъни “Усваи ҳасана” (гўзал ўрнак) бўлади. “Усваи ҳасана”лар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг у тазкия маркази бўлиши учун “Усваи ҳасана” бўлиши ниҳоятда муҳим. Зотан, бу ҳолат барча пайғамбарларда (алайҳимуссалом) бу ҳолат бўлган. Бунинг учун эса олдин ўша тазкия берувчи инсоннинг ўзи аввал солиҳ бўлиши муҳим. Солиҳ инсон бўлгач, кейин муслиҳ инсон даражасига кўтарилади.

Бир мана шу йўл тўғри. Яъни муслиҳ, тўғри, солиҳ инсонни топиш.

Муршиди комил деб айта оладиган кишимиз, ўз нафси учун ҳаракат қилмайдиган, ҳақиқатдан Аллоҳ дўсти бўлган, Ҳақ дўсти деб айтишга лойиқ бўлган одамларнинг қўлига қарамайдиган, яъни таъма қилмайдиган, одамларнинг елкасига ўз оғирини ташламайдиган, аксинча, одамларнинг оғирини енгил қиладиган, хуллас, ана шундай муслиҳ инсонни топмоқ ўта муҳим.

Халқа эса... Туркияда шундай бир маърифий фаолият тури бор: масалан биз бир тасаввуфий жамоатмиз. Жамоат марказида ҳар бир кишининг муаммосини тинглаб,  қабул қиладиган, масаласига ечим кўрсатадиган комил хулқли бир инсон бўлади. Вилоятларда унинг ишларини назорат қилиб турувчи, буйруқларини бажарувчи хос кишилари бўлади. Бизнинг ҳафталик суҳбатларимиз бор, масалан. Ушбу ҳафталик суҳбатларимизда бир уйда уч-беш киши тўпланиб, солиҳ инсонлардан бирисининг асарини ўқиймиз. Халқнинг тарбиясида ушбу нарса жуда-жуда муҳим ва фойдалидир. Аммо бу илм мажлислари тартибли ва давомли бўлиши шарт. Ушбу суҳбатлар, илм мажлислари инсонга хосликни, боғлиқликни беради. Яна вирд деб атайдиганимиз, аврод, яъни такрорий зикрлар деб атайдиганимиз вазифа жуда муҳим. Чунки тарбияда аврод, яъни такрорий зикрлар соҳибига фақатгина савоб келтирадиган воситалар эмас, айни пайтда зикрлар, вирдлар ахлоқни ўзгартирувчи воситалардир. Бизнинг муршидларимиздан Мусо Тўпбош ҳазрат бор эдилар, Усмон ҳазратларининг оталари. У киши шундай дердилар: “Авроду азкорингизга улкан бир ихлос ва тавозеъ билан аҳамият беринг, таъзим-тавозеъ дейилмоқда, ўта жиддият билан адо этадиганларда улкан кашфлар, сирлар, ҳолатлар кузатилади. Бунда кибрнинг ўрнини тавозеъ эгаллайди. Қаранг, кибр тавозеъга жой бўшатар экан! Хасисликнинг ўрнини сахийлик эгаллайди! Қўполликнинг ўрнини назокат эгаллайди”.

Буларнинг барчаси авроду азкорларни давомли ҳамда тўғри тарзда бажариб юрилганда кузатилади. Бу нуқтада ҳақиқатан вирдларнинг жуда кўп сирлари, таъсирлари, фойдалари бор, албатта.

Масалан, яна у зот раҳимаҳуллоҳ ушбу масалага оид шундай хотираларини бизга айтиб бергандилар:

“Қайсарида бир дўстимиз бор эди. Бир гал унинг олдига борганимизда жуда хафа, ғамгин ҳолатда кўринди. Сабабини сўраганимизда шундай жавоб берди: “Аллоҳ таоло менинг қалбимдан раҳм-шафқат туйғусини олиб қўйди. Ҳеч кимсага, ҳатто фарзандларим билан аёлимга нисбатан ҳам ачинолмайдиган бўлиб қолдим... Ҳеч кимга марҳаматли шаклда муносабатда бўлолмаяпман...”

Шунда устозимиз у кишига: “Болам, саҳар вақтида истиғфорга давом айла”, дея маълум зикр вазифасини бажаришини тавсия қилибдилар. Орадан бир йил ўтгач, яна кўришишибди. У кишининг ҳолати анча ўзгаргани юз-кўзидан сезилибди. Устозимиз: “Бу гал қандай?” деб сўрабдилар. Ва: “Алҳамдулиллаҳ! Аллоҳ таоло яна эски ҳолимга қайтарди! Қалбим раҳм-шафқатга тўлди!” деган жавобни олибдилар...

Кўрдингизми, ушбу тазкия, ботиний тарбияда насиҳат албатта, муҳим. Аммо ҳамма иш ҳам насиҳат билан битмайди! Масалан, ўша устозимиз у кишига шундай деб насиҳат қилиши ҳам мумкин эди: “Биродар, қандай қилиб марҳаматсиз, меҳр-шафқатсиз бўлишинг мумкин? Ахир Аллоҳ таоло раҳмон ва раҳийм бўлса? Пайғамбаримиз алайҳиссалом раъуф сифатида бўлган бўлсалар! Бераҳмлик мусулмон кишига ярашмайди. Сен бориб, “Иҳёи улумиддин”дан “Раҳм-шафқат” ҳақидаги баҳсни ўқи! Шунда яна қалбингга раҳм-шафқат туйғуси қайтади”, демадилар. Балки унга кўп истиғфор айтишни ва бу истиғфорни ҳар кун такрорий зикр ҳолига келтиришни тавсия қилдилар. таъбир жоиз бўлса, истиғфор у кишининг қалбидаги, маънавий кўнглидаги бекилиб (ёпилиб) қолган раҳм-шафқат томирларини очмоқда! Шунинг учун авроду азкор жуда муҳим сир ўлароқ кўрилади маънавий тарбияда, тазкияда!

Бунда, албатта, ҳаромлардан қочиш жуда муҳим. Фарзларни жойида адо этиш жуда муҳим, аммо нафила ибодатлар ҳам жуда муҳим! Хусусан: “يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا” – «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар» (Аҳзоб сураси, 41) ояти бекорга буюрилмаган. “أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ” – «...Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» (Раъд сураси, 28-оят). Яъни қалб фақатгина зикруллоҳ билан ҳақиқатга эриша олади. Шу боис тасаввуф аҳлининг, тазкия аҳлининг давомли зикруллоҳда бўлиши жуда муҳим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ҳам тўлиғича зикрдан иборат, аслида. Масалан, “Ал-азкор” китоби бор. Қарасангиз, тик турган ҳолларида, ўтирган ҳолларида, ерканлар-ичарканлар, кезарканлар, самога боқарканлар, ойга қарарканлар, қуёшга боқарканлар, ойнага қарарканлар, ҳар лаҳзада зикр билан машғул бўлганлар. Уйқудан уйғонганларидан то уйқуга ётгунларигача ҳар он зикр ҳолатида бўлганлар. Шундай экан, инсонни инсон қиладиган ёки инсон билан Аллоҳ таоло ўртасида ришта пайдо қиладиган сир – зикруллоҳдир! Қайсики:وَلَا تَكُونُوا كَالَّذِينَ نَسُوا اللَّهَ فَأَنْسَاهُمْ أَنْفُسَهُمْ” «Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У Зот уларга ўхшашларини унуттирди» (Ҳашр сураси, 19) ояти бор-ку, инсон Аллоҳни унутган вақтида ўз ҳақиқатини унутади. Аҳли тасаввуф эса тазкия орқали зикр билан давомли, тинимсиз тарзда инсоннинг ўзига ўзини эслаттиради. Модомики бу ҳолат давомли экан, у ҳақиқат порламай қолмайди! Дейлик, мана бунга қиёслашимиз мумкин: шу кўриб турган жиҳозингиз электр токи билан боғланса, ишлайди. Агар боғланмай қолса, фойдасиям, ҳеч қандай қимматиям йўқ! Аммо электр манбаи билан боғланган вақтида бениҳоят қимматбаҳо жиҳозга айланади. Худди шунингдек, банданинг Аллоҳ таоло билан риштаси зикр билан боғланади, ҳосил бўлади. Банда билан Аллоҳ таоло ўртасида зикр билан ришта ҳосил бўлдими, у банданинг қадри ортган сари ортиб бораверади.

Яна шундай фараз қилинг. Мана бу жиҳозингизга бир қанча дастурларни ёзасиз, янги-янги дастурларни киритасиз, у ҳолда қиммати борган сари ортаверади. Жавонда сақлаб қўясиз, у ҳолда қиммати янада ортади. Бунга ёзилганларни китоб қилиб битасиз, қоғозга туширасиз, баҳоси янада ортади. Шундайин инсоннинг қалби, кўнгли Аллоҳга давомли шаклда боғлиқ бўлар экан, у ерга суруҳот, туруот, илҳомот деганимиз бир қанча гўзал туйғуларни, фикрларни давомли Аллоҳ таоло илҳом эта бошлайди. Аммо қачонки Аллоҳни унутсак, шу онда шайтоний фикрлар қалб уйимизни эгаллаб олади:

”  وَمَنْ يَعْشُ عَنْ ذِكْرِ الرَّحْمَنِ نُقَيِّضْ لَهُ شَيْطَانًا فَهُوَ لَهُ قَرِينٌ“

«Ким Роҳманнинг эслатмасидан шабкўр бўлиб олса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас, у унга доимий ҳамроҳ бўлур» (Зухруф сураси, 36-оят). Яъни тасаввуф аҳлининг тазкияга муваффақ бўлишларининг асосида, илдизида энг муҳим жиҳатларидан бири шуки, ўзларини  назорат қилиш орқали тақвода ибрат бўлишлари, шу билан бирга қалбларини давомли зикр билан машғул этишлари, учинчиси эса

“وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ”

«Ва эслатгин. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур» (Зориёт сураси, 55) оятида буюрилганига кўра илмий суҳбатларни ҳар ҳафта анъана ҳолига келтириб, давомли тарзда диний, исломий ҳаётни жонлантиришлари лозим! Аслида, энг муҳим масала мана шунда!

Такрор айтадиган бўлсак:

  1. Тазкия аҳлининг ҳам илмли, ҳам тақволи, фарз, нафила ибодатлари билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган муқарраб, солиҳ, саҳиҳ инсон бўлишлари лозим.
  2. Ўзлари тарбияси билан шуғулланаётган кишиларга тўғридан-тўғри Аллоҳ таоло билан ришта ҳосил қилишларида кўмакчи бўлишлари, тазкия йўлини ўргатишлари лозим.
  3. Уларни илмий-ахлоқий суҳбатлари билан давомли тарзда баҳраманд қилишлари лозим. Бир бор Аллоҳ билан бандасининг ўртасида муҳаббат ҳосил бўлдими, тамом, иш битди! Яъни мен сизга шундай тушунтиришим мумкин: инсоний туйғуларнинг ҳосил бўлиши билим билан бўлмайди. Яъни муҳаббатуллоҳни илм орқали беролмайсиз. Ҳашятуллоҳни билим билан беролмайсиз. “Аллоҳдан қўрқиш керак!” дейсиз, аммо ўзингиз қўрқмайсиз. “وَالَّذِينَ آمَنُوا أَشَدُّ حُبًّا لِلَّهِ” – «Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир » (Бақара сураси, 165-оят) дейсиз, аммо бу ҳол ўзингизда йўқ. У ҳолда бу ишларга фақатгина ўрнак бўлиш, шахсан намуна бўлиш (трансфер – кўчириб ўтказиш) билангина эришилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом нима деб марҳамат қилганлар?

«لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ، وَوَالِدِهِ، وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ»

«Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, ҳақиқий мўмин бўла олмайди», дедилар».

Эътибор беринг: “لَا يُؤْمِنُ...” ҳақиқий мўмин бўла олмайди, деганлар.

Нега?

Энди Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қалбларидаги ҳашятуллоҳ (Аллоҳдан қўрқув) сизга қандай қилиб ўтади? Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қалбларидаги муҳаббатуллоҳ сизга қандай ўтади? Тавозеъ-чи? Фақатгина ўша муҳаббат, севги йўли билангина ўтади! Ўша муҳаббат инъикос этади, яъни аксланади, худди ойна сингари. Кўзи ёшли бирор кишини кўрсангиз, сизнинг ҳам қалбингиз юмшайди, кўзларингиз намланади. Унга қараркан, айни унинг ҳоли сизга кўчади. Ҳатто суратингиз ҳам, шаклингиз ҳам вақт ўтган сари ўхшаб бораверади. Шунинг учун диний ҳаётда самимият, ихлос, хушуъ, тавозе, ҳашятуллоҳ, муҳаббатуллоҳ, буларнинг барчаси фақатгина трансфер йўли билан инсонларда ҳосил бўла олади. Шахсият шу йўл билан оқиши мумкин. У йўлнинг, хатнинг номи эса муҳаббатдир. Шунинг учун содиқлар билар бирга бўлиш инсонларнинг уларга ўхшаб боришларида фойда беради. Яъни айтайлик, инсонлар ўзлари бирга бўлган, улфат бўлган, унсият, биродарлик қурганлари борлиққа; хоҳ у шахс бўлсин, хоҳ бошқа мавжудот-махлуқот, уларга ўхшаб қолиш хусусиятига эгадирлар.

 

Масалан бир киши итини қаттиқ яхши кўради. Вақт ўтган сари у одамнинг сурати ҳам итга ўхшаб боради. Давомли тарзда итининг хизматида. Қарасангиз, у одамнинг бошқа қиладиган иши йўқ. Худо берган умрини итининг ёнида кечиради, Аллоҳ асрасин!

Аммо сиз давомли тарзда Пайғамбар севгисини, Аллоҳ дўстлари севгисини қалбингизда ташир экансиз, ва ўша содиқ инсонлар билан бирга бўлишни бошларкансиз, сизда ўзгариш, бурилиш содир бўлади. 

Ҳаётнинг қиммати, юксаклиги муҳит билан ўлчанади.

Яъни сиз ичида бўлган муҳитнинг яхши-ёмонлигига қараб сизнинг даражангиз белгиланади: юксалади ёки аксинча.

Ҳаётнинг қиммати муҳит билан, атроф-чегара билан белгиланади. Шу боис ҳамиша юксак муҳитда бўлишга уриниш лозим. Муҳаммад Ҳамдий исмли бир кучли муфассиримиз бор. У киши бу борада шундай деб ёзган: “Ҳаёт – муҳитга мутобақат, деб таърифланади. У ҳолда энг юксак ҳаёт энг юксак муҳитга мутобақатдир. Энг юксак муҳит эса Аллоҳдир!”

 

Субҳаналлоҳ!

 

– Шундай экан энг юксак ҳаёт “هُوَ الْأَوَّلُ وَالْآخِرُ وَالظَّاهِرُ وَالْبَاطِنُ” (Ҳувал аввалу вал охиру ваз зоҳиру вал ботин) бўлган Аллоҳнинг зикри билан яшалган ҳаётдир!

Тасаввуф аҳли эса инсонни эҳсон туйғусига юксалтириб: “ وَهُوَ مَعَكُمْ أَيْنَ مَا كُنْتُمْ  

«...У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан бирга» (Ҳадид сураси, 4) оятини ёдда тутишга ундайди. Бу сирлар билан тўхтовсиз “يُحِبُّهُمْ وَيُحِبُّونَهُ«Албатта Аллоҳ уларни севади ва улар ҳам Аллоҳни севади» (Моида сураси, 54-оят) муроқабасини бериш орқали инсонда давомли тарзда Аллоҳ билан муроқабада бўлиш шуурини пайдо қилади. Ҳар лаҳза Аллоҳ билан бирга бўлган, Аллоҳнинг хаёли билан, зикри билан бўлган инсонда Раббоний ахлоқ тажаллий этади.

Шу боис тасаввуфий тарбия сирларга тўладир.

 

Ва бу сирларнинг барчаси Қуръон ва Суннатга мувофиқ асослар устига қурилади. Бу мавзу ниҳоятда кенг. Буларни ўрганиш учун эса тасаввуфий мавзудаги саҳиҳ китобларни ўқиш, ўзлаштириш, юқорида айтган тавсияларимга амал қилиш керак бўлади.

Бошлаган ишларингиз хайрли, барокатли ҳамда давомли бўлсин! Омин!

 

  • Муҳтарам Устоз, катта раҳмат. Аллоҳ сиздан рози бўлсин!

 

Одил МУҲАММАД

Мақолани улашиш

Ўхшаш мақолалар

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.