Print this page

Бадгумонлик, жосуслик, ғийбатчилик

Юқорида таъкидлаганимиздек, Исломда маънавий жиноятларнинг энг хассос шифокорлари Ўуръони Карим ва суннати шарифлардир. Шунинг учун ҳам "бадгумонлик, жосуслик, ғийбатчилик" тўғрисида "Ҳужурот" сурасидан жой олган бу хусуслардаги ояти кариманинг тафсирини сизларга тақдим этишликни лозим топдик.

"Эй иймон келтирганлар, кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир".(Ҳужурот сураси-12).

Ушбу оятда Аллоҳ Таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатлардан, ахлоқий касалликлардан, ҳар қандай жамиятни ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда. Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик-кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: "...кўп гумонлардан четда бўлинглар", дейилмоқда.

Ўтган уламолардан Зажжож( р.а.): "Бадгумонлик-яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишликдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор", деганлар.

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак. Бу ҳақда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: "Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил", деган эканлар. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримизсаллоллоҳу алайҳи васаллам: "Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир", деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: "Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан", деган эканлар. Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги Имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Агар амир одамлардан айб ахтараверса, уларни бузади", деганлар.

Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик дейдилар. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг "ва жосуслик қилманглар", деб бу қабиҳ ишдан ҳам қайтарилмоқда. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида унинг айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай, яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг кароматини, ҳурмат, иззати ва обрўйини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир. Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларни ҳеч бир ҳолда поймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорларию яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Ҳатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ.Очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб ҳукм чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Бадгумонликнинг жосусликка йўл очишини айтиб ўтган эдик. Энди жосусликнинг ғийбатга йўл очишини айтмоқчимиз. Шунинг учу>н ҳам ояти каримада, "жосуслик қилманг"дан кейин, "баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар", деб келди. Ғийбат нима эканлигини энг улуғ тафсирчи пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитайлик. Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зоти бобарокатдан кишилар:"Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?" деб сўрашибди. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг", дебдилар.Шунда: "Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?" дейишибди. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса бўҳтон қилган бўласан", деб жавоб қилган эканлар.

Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканлигини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда: "Сизлардан бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини емоқни яхши кўрадими?" Ўуръони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахснинг (ўлгандан кейин) гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, одамнинг гўштини ейиш мумкин эмас, ўлгандан кейин эса асло хаёлга ҳам келтириб бўлмайдиган иш. Шунинг учун юқоридаги "Яхши кўрасизми?" деган саволга ҳеч ким, ҳа, деб жавоб бера олмайди. Шу боисдан оятнинг ўзида, "Ҳа, ёмон кўрасиз!", деб таъкидланмоқда.Ўликнинг гўштини танаввул қилишни кўнглингиз қандай кўтармаса, бировни ғийбат қилишни ҳам шундай кўтармасин, демоқда. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: "Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ Таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнингки камчилигини қидирса, унинг шармандасини чиқаради", деганлар.

Охиратда ҳам ғийбатчилар жазосиз қолмайдилар. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Меърожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. "Эй Жаброил, улар ким?" деб сўрадим. У: "Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар", деб жавоб берди", дея кўрганларини ҳикоя қилиб берганлар.

Оятнинг охирида Аллоҳ Таоло мўминларнинг барча- сини, хусусан, юқорида зикр қилинган гуноҳларни қилганларни Аллоҳдан қўрқишга даъват қилиб, "Аллоҳдан қўрқинг" дейди. Шу билан бирга, аввал билмай гуноҳ содир этилган бўлса, тавба қилиб гуноҳини ювиш мумкинлигини эслатиб, Аллоҳнинг фазли карамидан ноумид бўлмасликка чақиради. "Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир".

Ҳар қандай гуноҳдан қай тарз тавба қилинса, мазкур гуноҳлардан тавба қилишда ҳам ўшандай ҳолат, яъни, ўтган ишга қаттиқ афсус қилиб, дилидан надомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиш ва аҳдига вафо қилиш билан вужудга келади. Аммо ғийбатчининг тавбаси бу билан тугамайди. Уламолар унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун яна бир муҳим шарт қўйишган. У ҳам бўлса, қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилинган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак.

Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари матлубдир. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбарсаллоллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ Таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб уни ғийбат қилса, Аллоҳ Таоло уни гапидан қайтмагунча жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради", деганлар.

Аллоҳ Таоло барчамизни бадгумонлик, жосуслик ғийбатчилик ва бошқа маънавий жиноятлардан узоқ қилиб, Ўзи ҳидоятга-тўғри йўлга бошласин! Омин!

Мақолани улашиш