Гўзал хулққа қандай эришилади?

Билдингки, гўзал хулқ ақл қувватининг мўътадиллигига, ҳикмат камолига боғлиқ. Ғазаб ва шаҳват қувватининг мўътадиллиги ҳам гўзал хулқ белгисидир. Бу мўътадиллик ақл ва шариатга тобеликни тақозо қилади ва у икки жиҳатга кўра ҳосил бўлади.

Биринчиси, илоҳий эҳсон ва фитрий комиллик билан ҳосил бўлган мўътадиллик. Фитрий комилликнинг белгиси шуки, инсон туғма ақли комил, хулқи гўзал бўлади. Мана шу сифатлар унга шаҳват ва ғазабни бошқаришга кифоя қилади. Балки, ундаги туғма мўътадил бу иккита хулқ ақл ва шариатга бўйсунгандир. Бундай инсон таълимсиз олим, ҳеч қандай тарбия олмасдан одобли бўлади. Бамисоли, Ийсо ибн Марям, Яҳё ибн Закариё алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарлар каби.
Инсон табиатида яна шундай сифатлар яширинки, уларни мунтазам ҳаракат билан юзага чиқариш мумкин. Баъзи болалар туғма тили равон, чеҳраси очиқ, саҳоват билан хулқланган бўлса, баъзилари бунинг акси. Одатланиш, яхши хулқли болаларга қўшилиш, катталардан одоб-ахлоқни ўрганиш орқали уларда гўзал хулқлар ҳосил бўлади.
Иккинчиси, қаттиқ меҳнат ва риёзат билан ҳосил бўладиган мўътадиллик. Дейлик, кимдир ўзида саҳоват хулқини ҳосил қилмоқчи. Бунинг учун у сахийлар ҳаётини ўзлаштирмоғи, яъни молни Оллоҳ йўлида сарфлашни ўрганмоғи лозим. Нафсга юкланган бу меҳнат то табиатга сингиб, хулққа айланиб кетгунча улкан сабр керак бўлади.
Шариатга мувофиқ, мақтовга муносиб хулқларнинг барчаси шу йўл билан ҳосил бўлади. Қачонки киши қилган саҳоватидан лаззат олса, бу саҳоватнинг юксак даражасидир. Ҳақиқий сахий молини сарфлар экан, лаззатланади, оғриниш, қийналиш унга бегона. Камтарликдан лаззат олган киши ҳақиқий камтардир. Токи нафсимиз барча яхши одатларга ўрганиб, барча ёмон феълларни тарк этмас экан, ҳеч қачон унда диний ахлоқ қарор топмайди.
Модомики, сен ҳам гўзал феълларга муштоқ кишида бўладиган доимий қунт ва тиришқоқликни зиммангда сезмас, бу хулқ билан лаззатланмас, қабиҳ феълларни ёмон кўриб, улар туфайли алам чекмас экансан, ҳақиқий саодатга эришолмайсан.
Пайғамбар алайҳиссалом: «Намоз кўзимнинг қувончидир» дедилар(Насоий ривояти). Биз эса ибодатларга ялқовлик қилиб, манъ этилган нарсаларни қийналиб, ўзимизга оғир олиб тарк қилаётган эканмиз, бу нуқсонлар билан қандай қилиб саодат камолига етишимиз мумкин?!
Ибодатга интизорлик осон иш эмас. Оллоҳ таоло дейди:
«Сабр ва салот(намоз ўқиш) билан мадад сўранглар.. Албатта у(намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига қайтувчи эканликларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)» (Бақара, 46-46-оятлар).
Лекин ибодатнинг бу даражасига етгунча чекиладиган машаққат ҳам хайрдан холи эмас.
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Розилик ва қониқиш билан Оллоҳга ибодат қил. Агар қодир бўлмасанг, бас, сенга оғирлик қилаётган нарсага сабр қилишингда ҳам кўп хайр бор» (Табароний ривояти).
Ваъда қилинган саодатга гўзал хулқ орқали эришилар экан, бу йўлда тоатдан лаззатланиш ва маъсиятни ёмон кўриш туйғуси вақтинча эмас, доимий балки, бутун умр давомида бўлиши лозим. Умр ўтган сари фазилат мустаҳкамроқ ва комилроқ бўла боради. Шунинг учун Расули акрамдан саодат ҳақида сўрашганида: «(Саодат)- узоқ яшаб, бутун умрни Оллоҳ таоло итоатида ўтказиш» деб жавоб берганлар (Абу Бакр ривояти).
Дарҳақиқат, дунё охират экинзоридир. Умр узайиб, ибодатлар қанча кўп бўлса, савоб ҳам шунчалик мўл, нафс шунчалик пок, ахлоқ шунчалик гўзал бўлади. Ибодатлар қалбда ўз изини қолдирса, мурод ҳосил. Бунинг учун эса ибодатлар узлуксиз, сўнгги нафасгача давом этиши лозим.
Инсон дунё муҳаббатини қалбидан чиқариб, ўрнини Оллоҳ таолога муҳаббат билан тўлдирса, мана шу энг гўзал ахлоқдир. Бундай хулқни ҳосил этган киши учун улуғ ва қудратли Зот – Оллоҳнинг дийдорига етишдан суюклироқ нарса йўқ. У бор молини шу йўлда сарфлайди. У жиловланган ғазаби ва шаҳватини шариат ва ақл тарозусида тортиб, фақат Оллоҳ таолога етиш йўлида ишлатади. Бу машғулот унга фараҳ ва лаззат бахш этади, намоз кўзлар қувончига айланади. Ибодатнинг сўнги тотли ва ажиб. Тотли ниҳояга одатланган нафс эса ундан-да ажиб!
Баъзан мансаб-мартабага, турли неъматларга эга кишиларни ғам-ташвишга чулғанган ҳолда кўрамиз. Қиморбоз қиморсиз ҳаётни тасаввур қилолмайди. Гарчи қимор уни боридан маҳрум қилиб, ўзию аҳлининг хароб бўлишига сабаб бўлсада, барибир у бу «лаззат»дан кечолмайди, қиморсиз туролмайди. Чунки, у узоқ муддат қимор билан улфат тутиниб, жонини шу йўлда тикди. Масалан, каптарбоз ҳам саратонда на иссиқни, қаҳратонда на совуқни сезмасдан, каптарларининг самога кўтарилиши, ҳавода ҳалқа ясаб ҳаракатланишларига маҳлиё бўлиб, кун давомида оёқ узра туриши мумкин...
Бу-узоқ муддат давомий равишда битта машғулотга одатланишнинг ва шу машғулот атрофидагиларга аралашиб, улар билан яқиндан муносабатда бўлишнинг натижаси.
Нафс узоқ муддат ботил, қабиҳ нарсаларга майл этса, бора-бора уларга кўникади, ҳатто бундан лаззат олади. Агар сен ҳам бир муддат ҳаққа қайтсангу, кейин унга муттасил боғланиб қолсанг, қандай қилиб ҳаққа одатланмаслик, ундан лаззат олмаслик мумкин?!
Аслида нафснинг ботил, қабиҳ ишларга майл этиши фитратга зиддир, мисоли, баъзи одамлар тупроқ(кесак) ейишга одатлангани каби.
Аммо фитратнинг ҳикматга, яратган Эгасини таниб, у Зотга муҳаббат қўйиш ва ибодат қилишга бўлган майли, бамисоли унинг таомга ва сувга бўлган майлига ўхшайди. Чунки, қалб табиати бу майлни тақозо қилади. Шаҳват эҳтиёжларига бўлган майл қалбга бегона.
Қалб озиғи ҳикмат, маърифат ва Оллоҳга муҳаббатдир. Агар қалб хасталикка чалинса, табиати тақозо қилган нарсадан узоқлашиши мумкин. Бундан халал етади, худди хасталик меъда табиатини бузгани каби. Меъда хасталанса, табиий эҳтиёжи бўлган таом ва шаробга ҳам иштаҳаси йўқолади.
Қайси қалб Оллоҳдан бошқасига муҳаббат қўйишга мойил экан, демак, энди у майли миқдорида хастадир. Аммо киши Оллоҳнинг муҳаббати ва динига восита бўлгани учун ниманидир яхши кўрса, бу майл хасталикка сабаб бўлмайди.
Демак, гўзал ахлоқ риёзат билан ҳосил бўлиши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлдинг. Гўзал хулққа эришиш учун дастлаб чекилган ранжу меҳнатлар аста-секин табиатга айланади. Бу қалб ва аъзолар ўртасидаги ажиб алоқадир. Қалбдв пайдо бўлган ҳар бир сифатнинг таъсири аъзоларгача етади. Ҳатто аъзолар қалбдаги шу сифатга мувофиқ ҳаракатланади.
Ҳар бир феъл аъзолар орқали жорий бўлади ва баъзан ўша феълнинг таъсири қалбгача боради. Бу даврий жараёндир. Масалан, бир киши моҳир котиб бўлишни орзу қилди. Ҳар қандай соҳада етук даражага эришиш осон эмас. Котиблик малакаси ҳам алоҳида меҳнатни талаб этади. Шунчаки қизиқиш эҳтиёжга, эҳтиёж табиатга айланиши керак. Бунинг ягона йўли-моҳир бир котибга шогирд тушиб, котиб кўрсатганидек қўлларни тўхтовсиз машққа ўргатмоқ, узоқ муддат котибникига ўхшатиб ёзишга ҳаракат қилмоқ ва охир-оқибат устознинг чиройли ёзувини бутун нозикликлари билан ўзлаштирмоқ. Аввалига бу ҳаракат роса қийин кечади. Устозидек ўта нафис ёзиш имконсиздек туюлади. Аста-секин бу узлуксиз машғулотнинг натижаси кўрина бошлайди. Машқ давомида йиғилган кўникмалар малакага, малака ботинда мустаҳкам ўрнашган сифатга айланади. Энди чиройли хат мажбурият остида эмас, табиий эҳтиёж орқали юзага чиқади.
Демак, аввалида чекилган машаққат беиз кетмади, унинг таъсири қалбгача кўтарилди. Сўнгра қалбдан аъзоларга қайтди ва чиройли ёзиш унинг табиатига сингди.
Шунингдек, кимки «фақиҳун-нафс» яъни, ўзни таниган кишилар жумласидан бўлишни хоҳласа, бунинг бирдан-бир йўли, ўзини таниган кишиларга яқинлашиб, уларнинг қилганини қилмоғи ва бу ишни такрор-такрор давом эттирмоғи лозим. Токи мана шу такрорлардан унинг қалбида ўзни таниш сифати пайдо бўлсин.
Кимки сахий, ҳалим, камтар бўлишни хоҳласа, бошида, гарчи ўзини зўрлаб бўлсада, шундай феълли кишиларга тақлид этмоғи лозим. Дастлабки зўрма-зўраки тақлидлар бора-бора йўқолади, одат сифатга айланади.
Ўзни англаш талабида бўлган киши бир кечани бекор ўтказиш билан «тамом, энди ҳаммасини бой бердим» деб умидсизликка тушмайди. Табиийки, бир кечалик меҳнат билан ҳам дарров ўзни англаш даражасига етиб қолмайди. Яъни, нафсни поклаш ва уни чиройли амаллар билан зийнатлаш талабида бўлган киши бир кунлик ибодати билан бу даражага етолмайди, бир кунлик маъсияти туфайли ундан маҳрум бўлиб қолмайди.
Бу сўзимизнинг маъноси шуки, битта гуноҳи кабира абадий бадбахтликка сабаб бўлмайди. Лекин бир кунги бепарволик кейинги ва кейинги кунларга ўтиб, аста-секин инсон дангасаликка одатланиши, ўзни англаш фазилатидан маҳрум бўлиши мумкин. Кичик гуноҳлар ҳам йиғилиб, иймон заволига, охир-оқибат, асл саодатнинг бой берилишига сабаб бўлади.
Ўзни англаш ҳам бир кечада таъсири сезиладиган туйғу эмас. Бу худди бадан ўсиб-улғайиб, бўй чўзилгани каби аста ва давомли рўй берадиган жараёндир. Шунга ўхшаб нафс тарбияси ва уни поклаш йўлида битта тоатнинг таъсири дарҳол сезилмайди. Лекин тоатнинг озига беписанд қарамаслик керак. Негаки, таъсири яққол сезиладиган кўп тоат битта-биттадан йиғилган ва ҳар бир тоатга ўзига хос таъсир яширинган. Ибодат учун бериладиган савоб шу таъсирга кўра белгиланади. Гуноҳ учун бериладиган жазо ҳам гуноҳнинг таъсирига кўра белгиланади.
Қанча кишилар кечаю кундузни бекор ўтказиб, ўзни англашни кунба-кун орқага суришади. Натижада уларнинг табиати бу илмни унутади.
Кичик гуноҳларни арзимас санайдиган кишилар ҳам бутун умр тавбани кечиктиради. Бу кечиктириш тўсатдан содир бўладиган ўлимгача ёки қалбни гуноҳлар зулмати қоплаб, тавба қилишга имкон қолмагунча давом этиши мумкин. Оз кўпга қўшилади, қалб шаҳват занжирлари билан кишанланиб, бу чангалдан халос бўлишнинг имкони йўқолади. Тавба эшигининг ёпилиши дегани шудир.
«Ва биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ-парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар» (Ёсин, 9-оят).
Саҳобалардан бирининг айтишича, иймон қалбда оқ нукта бўлиб кўринади. Иймон (қуввати) ошса, оқлик ҳам зиёдалашади. Агар банданинг иймони тўла комил бўлса, қалб ҳам тўла оқаради. Нифоқ қалбда қора нукта бўлиб кўринади. Нифоқ кўпайган сари қоралик зиёдалашади. Қачонки нифоқ тўла бўлса, қалб ҳам тўла қораяди.
Демак, яхши ахлоқ гоҳ табиий-туғма, гоҳ яхши феълларга одатланиш туфайли, гоҳида яхши феълли кишиларни кўриб, уларга яқин бўлиш натижасида ҳосил бўлади. Буларнинг барчаси Оллоҳга яқин қилувчи фазилатлардир.
Кимки табиатан разил, пасткаш бўлса, камига ёмонлар билан ошно тутиниб, улардан ёмонликни ўрганса ва ёмонликка одатланса, бу улуғ ва қудратли Зотдан ғоятда узоқ бўлишдир.
Юқорида айтилган табиий, одатий ҳамда ўрганиш каби жиҳатларга кўра фарқланадиган кишилар мана шу икки даража орасидадир. Ҳар бир даража ўзи тақозо қиладиган сурат ё ҳолатга кўра Ҳаққа яқинлашади ё узоқлашади.
«Бас, ким(ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса,(Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!» (Залзала, 99-оят).
«Уларга Оллоҳ жабр қилгани йўқ, балки улар (ўзлари) ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар» (Наҳл, 33-оят).

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Нафс тарбияси» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.