Print this page

Мақтов сени сатр қилган зотгадир

Ким сени икром қилса, У Зотнинг сендаги гўзал сатрини икром қилади. Бас, мақтов сени сатр қилган Зотгадир, сени икром қилган ва сенга ташаккур айтган шахсга эмас.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда ундан аввалги ҳикматдаги баҳсни давом эттирмоқда ва банданинг бандага кўрсатадиган икроми, ҳурмат-эҳтироми ортида турадиган ҳақиқатни баён қилмоқда. Бир банда ўзига ўхшаган бошқа бир бандага ҳурмат-эҳтиром ва иззат-икром кўрсатадиган бўлса, ўша ишнинг ортида Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларидан бирининг айб ва нуқсонларини гўзал сатр қилиб, бошқаларга яхши кўрсатиб қўйгани туради. Агар Аллоҳ таоло мазкур банданинг ёмонликлари ва айбу хатоларини сатр қилмаганида, у ўзига ўхшаган бошқа бандаларнинг олдида шарманда бўлиши, ҳаммага ёмон кўриниши турган гап эди.

Шунинг учун банда ўзига ўхшаган бошқа бандалардан иззат-икром кўрса, мазкур бандани икром қилган ва унга миннатдорчилик билдирган ўзига ўхшаган бандага эмас, аввало Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиши керак бўлади. Мазкур яхшилик ва икром қилган бандага Аллоҳ таолонинг бу борадаги иродасининг юзага чиқишига сабаб бўлгани учун ташаккур айтилади. Зеро, ҳақиқий мақтовга сазовор Зот фақат У Зотнинг ёлғиз Ўзидир.

Ушбу ҳақиқатга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида далил бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қачон Аллоҳ бир бандани яхши кўрса, Жаброилга: «Албатта, Аллоҳ Фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр!» дея нидо қилади. Шунда Жаброил уни яхши кўради. Сўнг Жаброил  осмон аҳлига: «Албатта, Аллоҳ Фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» дея нидо қилади. Шунда уни осмон аҳли яхши кўради. Сўнгра у ер аҳли учун мақбул қилиб қўйилади».

Бухорий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига сазовор бўлган бандаларининг айб ва нуқсонларини Ўзининг гўзал сатри ила беркитиб қўяди. Мазкур аброр бандаларнинг айб ва хатолари Аллоҳ таоло томонидан тўсилгани учун бошқа одамлар уларга муҳаббат қиладилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга айб ва хатолари У Зот томонидан сатр қилинишига лойиқ бандалардан бўлишимизни насиб қилсин!

Аллоҳ таоло барчаларимизга бизни икром қилган ва бизга тақдир қилган шахсга эмас, балки аввало бизни сатр қилган Зотга мақтов айтадиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)

Мақолани улашиш