Print this page

Илҳом

Мусулмон кишининг қалбига ғайбий масдардан тушган, илм берувчи, йўлловчи, эслатувчи нарса «илҳом» дейилади. У ҳақиқий нарса бўлади. Аллоҳ таолонинг фазли ила баъзи мўмин-мусулмонларга илҳом берилиши бор гап. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида келган қуйидаги ҳадиси шарифни айнан илҳом маъносида тушунишимиз лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, сиздан олдин, Бану Исроилдан, анбиёлардан бўлмасалар ҳам, уларга гапириладиган кишилар бор эди. Агар менинг умматимда бирорта ўшандоқ одам бўлса, Умар бўларди», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифдаги «уларга гапириладиган кишилар», яъни «гапи тўғри келадиган кишилар» ўзига берилган илҳом туфайли бир нарсани бўлишидан олдин гапирадиган кишилардир.

Бундай кишиларга Аллоҳ таоло пок фитрат, юксак фаҳм-фаросат, кучли ақл-заковат берган бўлади. Бўлиши лозим бўлган нарсаларни улар аввалдан бутун вужудлари ила ҳис қилиб турадилар. Улар «Эй Роббул оламин, қани энди шу пайтда бундай бўлсайди», деб орзу қиладилар ва ўша орзулари рўёбга чиқади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ана шундай кишилардан бўлганлар.

Кишининг қалбига ғайбий масдардан тушган ҳар бир нарса ҳам илҳом бўлавермайди. Аслида инсон қалбига тушадиган нарсалар тўртга бўлинади:

  1. Шайтоннинг васвасаси.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида: 

«Шунингдек, ҳар бир Набийга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун жимжимадор каломларни танларлар», деган (112-оят).

Аллоҳ таоло Марям сурасида: 

«Биз шайтонларни кофирларга уларни доимий қўзғаб туришга юборганимизни кўрмадингми?» деган (83-оят).

  1. Нафснинг ғулғуласи.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: 

«Албатта, нафс ёмонликка кўп амр қилувчидир», деган (Юсуф сураси, 53-оят).

  1. Фаришта хотирага соладиган нарса.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қалбда икки тутиш бор: 1. Фариштадан бўладиган тутиш. У яхшиликни ваъда қилиш ва ҳақни тасдиқ қилиш ила бўлади. Ким ўзида ўшани топса, уни Аллоҳдан деб билсин ва ҳамд айтсин. 2. Душмандан бўладиган тутиш. У ёмонликни ваъда қилиш ва ҳақни ёлғонга чиқариш ҳамда яхшиликни қайтариш ила бўлади. Ким ўзида ўшани сезса, Аллоҳдан шайтони рожиймнинг шарридан паноҳ сўрасин», деганлар.

  1. Роббоний илҳом.

Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида: 

«У Зот ҳидоят топганларнинг ҳидоятини зиёда қилгай ва уларнинг тақволарини бергай», деган (17-оят).

Демак, мазкур тўрт нарсани фарқлай билиш керак бўлади. Кўнгилга келган нарсани «илҳом» деб баҳолаб бўлмайди. Илҳом бўлганда ҳам, унинг ўзини ёки илҳомга сазовор бўлган бошқа кимсани шариат қоидасидан ташқаридаги шахс сифатида баҳолашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Аммо баъзи сўфийлар бу масалада ҳадларидан ошиб, ўзлари залолатга кетганлар ва бошқаларнинг ҳам залолатга кетишига сабаб бўлганлар.

Улардан баъзилари: «Кашф, илҳом ва туш билан кифояланиб, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни ўрганмаса ҳам бўлаверади, ақоид, фиқҳ ҳамда бошқа илмларни ўрганишнинг ҳожати йўқ», деган ботил фикрларни айтганлар.

Бошқа бирлари эса: «Кашф, илҳом туфайли шайхларнинг қалби исмат даражасига етади. Ўшандай қалбларга тушган нарса ваҳий ўрнига ўтади», дейишгача бориб етганлар. Уларнинг фикрича, авлиёларнинг қалблари анбиёларнинг қалблари каби эмиш. Аслида бу ҳолат куфр ва залолатдан бошқа нарса эмас, дейдилар муҳаққиқ уламоларимиз.

Сўфийларнинг яна бир тоифаси шайхларига ҳаддан ташқари баҳо бериб, уларнинг гапларини шариатнинг ҳукмидан устин қўйишгача бориб етганлар. 

Бу ва бунга ўхшаган илмсизлик асосидаги гап-сўз ва тасарруфлар ҳақиқий тасаввуф йўлига, Аллоҳ таолонинг розилигини тилаган соликлар йўлига мутлақо зиддир. Бу ёрқин йўлдаги жавҳарий нарса – иймон, Ислом, тақво, эҳсон ва шукр масалаларининг ҳақиқатига етиб завқланишдир. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолога холисона ибодат қилишдир. Ана ўша мақом сиддиқларнинг талаби ва соликларнинг мақсадидир.

Агар солик учун яхши туш, кашф, илҳом ёки каромат инъом этилса, бу нарса унинг маълум даражага етганининг аломати ва хурсанд бўлиш башоратидир. Аммо тасаввуф йўлида юришнинг асосий мақсади кашф, илҳом ёки каромат соҳиби бўлиш эмас. Балки асосий мақсад Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишдир. Кўп ҳолларда мазкур нарсалар ўша йўлда тўғри кетаётганликнинг аломати, холос.

Аксинча, айрим ҳолларда бу нарсалар солик учун холислик синови бўлиши ҳам мумкин. Зеро, соликнинг тақвоси, ибодати кучайган сари Аллоҳ таолонинг унга бўлган эътибори, муҳаббати, дўстлиги – валийлиги ҳам ортиб боради. Ва Роббул оламин кимни кўпроқ севса, уни янада оғир синовларга дучор қилади. Банда учун энг оғир синов эса унга турли неъматларни ўзи лойиқ бўлгандан кўра кўпроқ бериб, синашдир.

Бинобарин, ўзига кашф, илҳом, башоратли туш ёки каромат етган солик ўз ҳолига назар солсин. Шариат буюрган амалларда ва унга қўшимча равишда суннатдан ўзига ўзи одат қилиб олган вазифаларда нуқсонга йўл қўймаган бўлса-ю, «Аллоҳ азза ва жалланинг жалолига лойиқ ибодат қилолмадим», деган афсусда бўлса, Аллоҳ таолога беҳад шукрлар айтиб, ҳолини яширсин ва ибодатини кучайтирсин. Зеро, бу ҳоли Аллоҳ азза ва жалла ҳам уни севишига далилдир, иншааллоҳ.

Аммо юқорида айтилган амаллардан биронтасида ёки одобида бироз бўлса-да нуқсонга йўл қўйганини сезса ёхуд кўнглида ўзи эришган даражадан қониқиш пайдо бўлса, дарҳол Аллоҳ таолога тавба қилиб, истиғфор айтишни кўпайтирсин. Зеро, бу ҳолида унга етган турли башоратлар энг камида зўр бир синов-имтиҳондир. Бинобарин, у ёки тавбаи насуҳ ила, истиғфорни кўпайтириб, Аллоҳ таолонинг дўстига – валийсига айланади, ёки ўзига етган кароматга алданиб, манманликка берилиб, чин дўстидан – Аллоҳ азза ва жалладан маломатга қолади. Валлоҳу аълам.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Тасаввуф ҳақида тасаввур китобидан)

Мақолани улашиш